Низом

Халқаро “PROlogue” кинофестивали тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Халқаро “PROlogue” кинофестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, фильмларни саралаш ва танлаш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль 2018 йилнинг 27-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

3. Фестиваль доирасида танлов дастуридан ташқари махсус кинонамойишлар, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари ҳамда конференциялар ташкил этилади.

 

II. Фестиваль ташкилотчилари

 

4. Қуйидагилар фестиваль ташкилотчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи;

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги;

“Кинематографияни ривожлантириш маркази”;

“Ёш киноижодкорлар кенгаши”;

“Ўзбекистон миллий кинокомиссияси”.

5. Фестивалнинг ташкилий органи – Фестиваль дирекцияси ҳисобланади.

6. Қуйидагилар фестиваль ўтказиш жойи ҳисобланади:

“Ёшлар ижод саройи”;

“Премьер-Холл” кинотеатри.

7. Фестиваль дирекциясининг фаолият кўрсатиш манзили: Тошкент шаҳар, Муқимий кўчаси, 8 уй.

8. Фестивалнинг расмий сайти: www.prologuefilmfestival.com.

 

III. Фестивалнинг мақсад ва вазифалари

 

9. Ўзбекистон миллий кинематографиясини нуфузини мустаҳкамлаш, ўзбек фильмларини дунё киномайдонида кенг тарғиб қилиш, миллий маданият ва умуминсоний қадриятларни асраш воситаси сифатида кино санъатига кенг жамоатчиликнинг қизиқишини янада кучайтириш ҳамда дунё киноижодкорлари орасида маданий алмашиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш фестивалнинг асосий мақсади ҳисобланади.

10. Фестивалнинг вазифалари:

миллий кинематографияни ривожланишига кўмаклашиши, уни бутун дунёга кенг ёйиш, ўзбек киносининг замонавий фильмларини ҳамда олтин фондини тарғиб қилиш;

муаллифлик киноларига, шунингдек ижтимоий фаолликка ва маънавий етукликка олиб келувчи филмьларга томошабинар қизиқишини орттириш. Юртимиз кино ихлосмандларини замонавий дунё кинематографиясининг энг яхши асарлари билан таништириш;

кино тилини ривожлантирувчи, дунё киножараёнини акс этувчи ёрқин, ноанъанавий асарларни жалб этиш;

кино соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

жаҳон кино саноатининг этакчи вакилларини ўзаро ҳамкорликка жалб қилиш учун Ўзбекистоннинг ноёб тарихий ва маданий меросини оммалаштириш;

Ўзбекистоннинг ёш истеъдодли кино ижодкорларини аниқлаш ва уларнинг ижодини профессионал даражада қўллаб-қувватлаш, бошқа мамлакатлардаги соҳа вакиллари билан алоқани ўрнатиш учун барча шарт- шароитларни яратиш.

 

IV. Фестиваль дастури

 

11. Фестивалнинг танлов дастури:

тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови;

қисқа метражли бадиий фильмлар халқаро танлови;

қисқа метражли миллий бадиий фильмлар танлови.

12. Фестивалнинг совринлари қуйидагилар:

“Энг яхши фильм учун Гран При;

“Энг яхши режиссёр”;

“Энг яхши оператор”;

“Энг яхши сценарий”;

“Энг яхши актриса”;

“Энг яхши актёр”;

“Энг яхши қисқа метражли фильм”;

“Энг яхши қисқа метражли миллий фильм”.

13. Фестиваль Ташкилий қўмитаси ва Фестиваль дирекцияси томонидан қуйидаги совринлар топширилади:

“Ўзбек кинематографиясига қўшган ҳиссаси учун”;

“Дунё кинематографиясига қўшган ҳиссаси учун”.

 

V. Фильмларга қўйиладиган талаблар

 

14. Тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови:

тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови дастурига 6 (олти) донадан кам бўлмаган фильмлар танлаб олинади;

танловга давомийлиги 60 дақиқадан кам бўлмаган ҳамда 2017 йилнинг
1 январидан кейинги даврларда суратга олинган фильм қабул қилинади;

фильмлар ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатувчи, уларнинг дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилувчи мавзуларда бўлиши лозим.

15. Қисқа метражли фильмлар халқаро танлови:

қисқа метражли бадиий фильмлар халқаро танлови дастурига 12 (ўн икки) донадан кам бўлмаган фильм танлаб олинади;

танловга давомийлиги 30 дақиқадан кўп бўлмаган ҳамда 2017 йилнинг
1 январидан кейинги даврларда суратга олинган фильм қабул қилинади;

фильм режиссёри 35 ёшдан ошмаслиги керак.

16. Тўлиқ метражли бадиий фильмлар ва қисқа метражли фильмлар бундан аввал Марказий Осиёда миқёсида намойиш  қилинмаган бўлиши керак. Марказий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва ўз давлатида намойиши ўтказилган фильмлар бундан мустасно.

17. Қисқа метражли миллий бадиий фильмлар танлови:

қисқа метражли миллий бадиий фильмлар танлови дастурига 12 (ўн икки) донадан кам бўлмаган фильмлар танлаб олинади;

танловга давомийлиги 30 дақиқадан кам бўлмаган ҳамда 2017 йилнинг
1 январидан кейинги даврларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан суратга олинган фильм қабул қилинади;

фильм режиссёри 35 ёшдан ошмаслиги керак.

 

VII. Фестиваль доирасидаги дастурлар

 

18. Фестиваль доирасида халқаро кино саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, конференциялар, питчинг
ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

 

VIII. Фильмларни танловга тақдим этиш ҳамда уларга
қўйиладиган талаблар

 

19. Фестивалда фильмлар билан иштирок этиш учун фестивалнинг расмий сайтидаги (www.prologuefilmfestival.com.) талабнома тўлдирилади. Фильмнинг инглиз тилидаги субтитри билан vimeo.com ёки YouTube сервисларида ҳавола қолдирилиши лозим.

Фестивалда иштирок этиш учун фильмлар 2018 йилнинг 27 октябрь кунига қадар тақдим этилиши шарт.

20. Фестивалга фильмларни тақдим этиш учун хақ олинмайди.

21. Фестивалда зўравонлик, наркомания, порнография, диний экстремизм
ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи, давлат сиёсатини қоралаш ва бу орқали халқ норозилигини уйғотишга мақсадли йўналтирилган фильмларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, тақдим этиладиган фильмлар миллий анъаналаримиз ҳамда умумбашарий қадриятларга зид бўлмаслиги лозим.

22. Танлаб олинган фильмлар муаллифларига уларнинг фестивалда иштирок этишлари тасдиқланганлиги тўғрисида 2018 йилнинг 7 ноябрь кунига қадар уларнинг электрон почтаси орқали хабар юборилади.

23. Фестиваль конкурсида иштирок этувчи фильмлар нусхаси DCP ва Blu-ray форматида Фестивал дирекциясига 2018 йилнинг 17 ноябрь кунига қадар топширилиши лозим.

24. Фестивалда иштирок этиш учун танлаб олинган ва фильмни тақдим қилувчининг иштироки тасдиқланган фильмлар Фестиваль дастуридан олиб ташланиши мумкин эмас.

25. Фестивалда иштирок этиши тасдиқланган фильмлар тўғрисидаги маълумотлар Фестиваль дирекциясининг расмий баёноти эълон қилингунига қадар сир тутилиши шарт.

26. Фестивалда иштирок этиши тасдиқланган фильмлар тўғрисидаги маълумотлар расмий эълон қилинганидан кейин фильмни тақдим этувчи ёки унинг вакили Фестиваль дирекциясига қуйидаги материалларни юборади:

маркетинг материаллари, синопсис, press kit;

Full HD сифатидаги трейлер ва тизер;

хорижий фильм учун талаб этиладиган материаллар – субтитр файллари таймкод билан ва/ёки рус ёки инглиз тилларидаги диалог варақлари оригинал тилда, фильмнинг сўнгги скринер версиясияси;

каталог учун материаллар (фильм ижодкорлари тўғрисида маълумотлар, фото, хусусан, режиссёр сурати ва фильм кадрлари), промоушен ва тақдирлаш маросимида ишлатиш учун фильмдан бир-икки дақиқалик лавҳалар.

27. Фестиваль Дирекцияси фестиваль учун тақдим қилинган фильмга тааллуқли босма ва бошқа маълумотларни фестиваль каталоги, пресс-релизлар, фестиваль сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ва медиа-тарғиботида ишлатиш хуқуқига эга.

28. Фестивалга тақдим этилган материаллар Фестиваль электрон почтасига юклаб олиш учун ҳаволани кўрсатган ҳолда фильмнинг инглиз ёки оригинал тилдаги  номини билан жўнатилиши лозим. Материаллар фильмнинг Фестивалда иштирок этиши тасдиқланганидан сўнг 7 кун давомида Фестиваль дирекциясига етказилиши шарт.

29. Барча шартлар ва муддатларга риоя қилиниши мажбурий бўлиб, уларнинг бажарилмаслиги фильмни фестиваль дастуридан чиқариб ташланишига асос бўлади.

 

IX. Фильм нусхаларини етказиб бериш ва уларни суғурталаш

 

30. Фильм нусхаларини жойларга етказиш билан боғлиқ харажатларни Фестиваль дирекцияси ўз зиммасига олади.

31. Жўнатувчи томон фильм нусхасини жўнатганлиги ҳақида Фестиваль Дирекциясини ўз вақтида хабардор қилиши ва авиа юк хатини тақдим қилиши лозим.

32. Фильм нусхаларини сақлаш ва суғуртаси билан боғлиқ сарф-харажатларни Фестиваль дирекцияси томонидан қопланади.

 

X. Фестиваль ҳайъати

 

33. Фестивальга тақдим қилинган фильмларни баҳолаш учун ҳар бирининг таркиби 5 (беш) нафардан кам бўлмаган Тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови халқаро ҳайъати ҳамда Қисқа метражли бадиий фильмлар танлови халқаро ҳайъати тузилади.

34. Фестиваль дирекцияси халқаро ҳайъатларнинг ҳар бир аъзосининг Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаши билан боғлиқ сарф-харажатни ўз зиммасига олади.

35. Фестивалда иштирок этаётган фильмларнинг муаллифлари ёки уларнинг прокатига бевосита дахлдор шахслар ҳайъат таркибига киритилиши мумкин эмас.

 

XI. Фестиваль меҳмонлари ва иштирокчилари

 

36. Фестивалга меҳмонларни таклиф қилиш, уларнинг иштирок этиш шартлари, муддати ва аккредитация масалаларини Фестиваль дирекцияси ҳал қилади.

37. Фестиваль дастуридаги фильмлар иштирокида ҳар бир фильмдан биттадан вакил қатнашиши назарда тутилади. Бунда, режиссёр, продюсер ёки бош ролни ижро этган актёр ёки актриса таклиф этилади.

38. Фестиваль дирекцияси фестиваль меҳмонлари ва иштирокчиларини келиб-кетиш ва яшаши билан боғлиқ сарф-харажатларни ўз зиммасига олади.

39. Фестивалда қатнашган бошқа меҳмонлар учун яратиладиган шарт-шароитлар тўғрисида маъулмотлар улар учун бериладиган шахсий таклифномаларда кўрсатиб ўтилади.

 

XII. Якуний қоидалар

 

40. Фестивалда иштирок этиш ушбу Низомда белгиланган барча бандларга тўлиқ риоя қилинишини назарда тутади. Низом бўйича низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда ушбу Низомнинг рус тилидаги матни асос бўлиб хизмат қилади.